Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
35 taqibchi
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Аллома, муфассир, мужаддид, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутафаккир, муршид
Ro'yxatdan o'tilgan sana:
20 Iyun 2022
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. Бошланғич диний таълимни отаси Муҳаммад Юсуф домладан олди. У кишидан асосан тажвид, араб тили грамматикаси – сарф ва наҳв илмларини ўрганди ва Қуръондан бир неча жузларни ёд олди.
1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатиб, 1970 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
Собиқ Иттифоқ бўйича у даврдаги ягона диний таълим муассасаси Бухородаги Мир Араб мадрасаси эди. Мадрасада Иттифоқнинг турли юртларидан келган ҳар хил миллат вакиллари таълим олишар эди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф уларнинг ичида пешқадами, аълочиси эди.
Мадрасада қироатдан Шаҳобиддин қори домладан дарс олди. Наҳв илмидан эса Мухторжон домладан, араб адабиёти ва муҳоварадан Усмонжон домладан, фиқҳдан Сафийюллоҳ домла ва Қосимжон домлалардан, тафсирдан Абдулатиф домладан таълим олди.
1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳади очилиб, у ерда ўқишга ўша даврдаги собиқ Иттифоқ жумҳуриятларидаги масжид имомлари билан бирга Бухоронинг Мир Араб мадрасасидан ҳам қобилиятли талабалар саралаб олинди. Ана шундай талабалар қатори Муҳаммад Содиқ ҳам маъҳадга ўтиб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди.
Муҳаммад Содиқ олий маъҳадда Юсуфжон домладан балоғат илмини, Исмоил Махдум ҳазратларидан фиқҳ илмини, муфтий Зиёвуддин Эшон Бобохон ҳамда Абдулғани домлалардан ҳадис илмини ўрганди.
Меҳнат фаолиятини 1975 йили «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида бошлаб, диний мавзуда турли мақолалар ёзиб, чоп эттирди. Орадан кўп вақт ўтмай Ливия Араб Жамоҳириясидаги «Ислом даъвати факультети»га қабул қилиниб, ўқиш учун жўнаб кетди.
Мазкур ўқув юрти асосан чет эллик талабалар ўқийдиган таълим муассасаси бўлиб, унда Марокаш, Жазоир, Тунис, Сурия, Иордания каби араб давлатларидан, Африканинг кўп давлатларидан, шунингдек, Осиёнинг Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд каби юртларидан келган талабалар таҳсил олишар эди. Муҳаммад Содиқ бу таълим даргоҳида ҳам етакчи талабалардан эди. У факультет дарсларидан сўнг курсдошлари ҳамда ётоқхонадаги бошқа талабаларни тўплаб, долзарб диний мавзуларда маърузалар қилар, давра суҳбатлари уюштирар эди.
Муҳаммад Содиқ Ливияда турли шайх ва докторлардан таълим олди. Жумладан, Тоййиб Ан-Наосдан «Оётул аҳком», «Усулул фиқҳ» фанларидан, Муҳаммад Робитийдан ҳадис ва фиқҳдан, Иброҳим Руфайдадан «Улумул Қуръон»дан, доктор Ҳулайлдан балоғат илмидан, Комил Баннодан тарихдан ва бошқа устозлардан илмул ахлоқ, илмун нафс, мантиқ, ақоид каби фанлардан таълим олди.
Устозларидан шайх Тоййиб Ан-Наос Ливиянинг ўша даврдаги машҳур олимларидан бўлиб, кўзи ожиз киши эди. Факультетдаги дарсларидан ташқари ўқув юртига яқин жойдаги «Изоатул Қуръон» студиясида Қуръон тафсири ва бошқа диний мавзулар бўйича маърузалар қилар, саволларга жавоб берар эди. Муҳаммад Содиқ устозининг дарслари тугагач, у кишини етаклаб «Изоатул Қуръон»га олиб борар, у ердаги маърузаларини тинглар ва шу аснода у кишидан кўплаб илмий фойдалар олар эди. Шунингдек, ҳадис ва фиқҳ фанларидан дарс берган шайх Муҳаммад Робитий ҳам кўзи ожиз киши эди. У киши дарс бериш билан бир вақтнинг ўзида университетнинг сиртқи бўлимида ўқиб, илмий иш ёзар эди. Кўзи ожизлиги сабабли кўп илмий манбалардан фойдаланишда у кишига Муҳаммад Содиқ ёрдам берар эди. Ҳатто у киши илмий иш бўйича ёзма имтиҳон топширганларида ҳам Муҳаммад Содиқ у кишига котиблик қилган.
Муҳаммад Содиқ кўп вақтини Тараблус шаҳридаги катта кутубхонада ўтказар эди. Кутубхона раҳбари доктор Тоҳир жаноблари билан ҳам яқин муносабатда бўлган.
Ўқув юртининг низомига кўра, имтиҳонларнинг умумий натижаси бўйича ҳар бир курсдан биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни олган талабаларга махсус пул мукофотлари берилар эди. Муҳаммад Содиқ барча курсларда биринчи ўринни олиб, факультетни ҳам имтиёзли диплом билан тугатган.
1980 йили олийгоҳни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди:
– 1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
– 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;
– 1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.
– 1981–89 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс берди.
Ливияда таҳсил олган даврларида орттирган бой илмий тажрибасидан фойдаланиб таълим дастурига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк бор жорий қилди. Жумладан, ўқув дастурига «Улумул Қуръон» (Қуръон илмлари), «Улумул ҳадис» (ҳадис илмлари), «Фирақ исломия» (фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги фан), «Фаннул хатоба» (нотиқлик ҳақидаги фан) каби янги фанлар киритилди. Шунингдек, тафсир, ҳадис фанларида ўқитилаётган дарслик китоблари алмаштирилиб, тафсирдан Муҳаммад Алий Собунийнинг «Оётул аҳком» китоби, ҳадисдан «Ал-Манҳалул ҳадис фи шарҳил ҳадис» китоблари ўқитила бошлади. Ушбу китоблар диёримизда бўлмагани боис, уларни хорижий мамлакатлардан олиб келиш учун кўп саъй-ҳаракат қилди. Кейинчалик муфтийлик йилларида бу диний адабиётларнинг бир қанчасини Ўзбекистонда чоп ҳам қилдирди.
– 1989 йил 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси этиб сайланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ муфтий этиб сайлангач, бутун куч-ғайратларини диний идора фаолиятини янги поғонага кўтариш, мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш, диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш масаласига йўналтирди. Диний идора қошида ёрдамчи хўжалик ташкил қилиниб, иссиқхона қурилди, олинган даромад эса диний идора, масжид-мадрасаларнинг сарф-харажатларига, устоз ва талабаларнинг ойлик маошларига, диний китоб ва рисолалар чоп қилиш каби мақсадларга йўналтирилди.
Покистонга қилган ташрифи пайтида у ердан диний идора нашриётини ривожлантириш учун замонавий босмахона ускуналари олиб келган. Вилоятлардаги қозиликлар қошида кутубхоналар ташкил қилиш учун чет элдан кўплаб диний китоблар ҳам олиб келтирган. Шайх Муҳаммад Содиқ Кувайт давлатига ташрифида мамлакат Вақф ва исломий ишлар вазирлиги раҳбарлари билан келишиб, Ўзбекистонда Кувайт Халқаро Ислом хайрия жамғармасининг бўлимини очган. Бу хайрия жамғармаси ўша даврдаги Диний идора таркибида бўлган барча жумҳуриятларда турли хайрия ишларини амалга оширди. Жумладан, ўша пайтда Қирғизистонда сув тошқинидан зарар кўрганларга бир қанча финча уйлар олиб берди, барча жумҳуриятларда кўплаб етимларга моддий ёрдам кўрсатди, масжид-мадрасалар қуришда ёрдам берди, сув бўлмаган жойларда қудуқ кавлаб, сув таъминотини яхшилашга ҳиссасини қўшди. Бу жамғарма ҳозирги кунда ҳам фаолиятини давом эттириб, мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги юзлаб етимларга беғараз моддий ёрдам бериб келмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқнинг 1989 йили Диний идорага раис-муфтий қилиб сайланиши муносабати билан ўтказилган Қурултойда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган Мусҳафи Усмонийнинг Диний идорага топширилиши мусулмонлар учун катта воқеа бўлди.
Кўп вақт ўтмай Шайх Муҳаммад Содиқ собиқ Иттифоқнинг Олий кенгашига депутатликка сайланди ва бу мақомдан ҳам мусулмонларнинг манфаатлари учун унумли фойдаланди.
– 1989 йил декабрь ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди; Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматига мусулмонларнинг аҳволи ёритилган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш ва Ислом дини арконларини адо этиш имкониятини қайта тиклаш масаласи кўтарилган баённомани тақдим этди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида кескин бурилиш юз бериб, ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошлади, кўплаб масжидлар, мадрасалар очилди.
Шунингдек, собиқ Иттифоқ раҳбари Горбачёвга расман мурожаат қилиб, диёримиздан ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сонини кескин кўпайтиришга муваффақ бўлди ва 1990 йили Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар мусулмонни Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига олиб боришга эришди. Бундан аввал собиқ Иттифоқнинг барча республикаларидан жами 20-30 кишигина ҳажга борар эди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Саудиядаги «Робитатул оламил исломий» раҳбарлари билан мулоқотлар қилиб, уларга собиқ Иттифоқда яшовчи мусулмонларнинг мусҳафи шарифга муҳтожлигини тўғри тушунтиришга ва Саудия подшоҳи, марҳум Фаҳд ибн Абдулазиз номидан собиқ Иттифоқ мусулмонлари учун бир миллион ададда турли ҳажмдаги мусҳафи шарифларнинг ҳадя қилинишига эришди. У киши Робита раҳбарларидан ушбу мусҳафларни рамзий (арзон) нархда мусулмонларга сотиб, тушган маблағларни Диний идора сарф-харажатлари ҳамда масжид ва мадрасаларни таъмирлаш, диний китоб ва журналлар нашр қилишга йўналтириш учун келишган эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Ўзбекистондаги иқтидорли имом-домлаларни чет элда малакаларини ошириш учун ўқишга юбориш ҳақида Миср Вақф ва исломий ишлар вазирлиги билан ҳамда Покистондаги дин ишлари бўйича масъул давлат идоралари билан келишиб, бир қанча имом-домлаларимиз ушбу мамлакатларда таҳсил олиб, малака оширишларига имконият яратди.
Китоблар ва оммавий ахборот воситаларининг диний маърифат тарқатишдаги катта аҳамиятини яхши англаган шайх Муҳаммад Содиқ бу борада ҳам катта ишларга қўл урди. Диний идоранинг фақат чет элликларга мўлжалланган ва бир неча хорижий тилларда нашр қилинадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журналини «Мовароуннаҳр мусулмонлари»га ўзгартириб янги ном ва янгича мазмун билан нашр эттирди. 1990 йилдан бошлаб эса «Ислом нури» газетаси катта нусхада чиқа бошлади. Бу журнал ва газетада шайх Муҳаммад Содиқнинг, диний таълим муассасалар устозлари, имом-хатиблар ва ёзувчиларнинг долзарб диний мавзулардаги мақолалари чоп этила бошланди.
Исломдаги икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, бу кунларни мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақида шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳукумат идораларига киритган таклифи ижобий қабул қилиниб, шундан буён бу байрамлар Ўзбекистонда кенг нишонланиб ва ҳар йили дам олиш кунлари деб эълон қилинмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, шайх Муҳаммад Содиқ диний идора раиси ва муфтий лавозимида бор-йўғи тўрт йил фаолият юритди ва юқорида санаб ўтилган ишларнинг барчаси мана шу қисқа давр мобайнида амалга оширилди.
Шайх Муҳаммад Содиқнинг халқ депутати этиб сайланишлари узоқ йиллар даҳрийлик исканжасида қолган мусулмонлар оммасининг кўксига шабада тега бошлаганининг бир тимсоли эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ нафақат собиқ Иттифоқ ҳудудида, балки халқаро миқёсда ҳам дунё мусулмонларининг манфаатини кўзлаб, кенг кўламли фаолият олиб борди. Жумладан, совет делегацияси аъзолигида бир нечта давлатларга сафар қилди, афғон мужоҳидларининг Пешовардаги қароргоҳида музокаралар олиб бориб, тинчликпарварлик борасида ҳам жонкуярлик қилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Совет Иттифоқи ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда ҳам ўзига берилган ваколатдан унумли фойдаланди.
Унинг мусулмонлар, халқ, миллат ва дин йўлидаги бу хизматлари гўзал баҳоланиб, халқаро миқёсдаги бир неча мукофотларга лойиқ кўрилди. Жумладан, муфтийлик йилларида Миср Араб Республикасига уюштирган сафари давомида у кишига Мисрнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак томонидан мамлакатнинг биринчи даражали «Нил лаври» олтин нишони топширилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ маълум сабабларга кўра, 1993 йили муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди. Истеъфодан сўнг ҳам унга қарши иғво, туҳмат, адоват тўхтамагач, Ватандан, халқдан, ота-она ва қариндош-уруғдан айро ҳолда, фироқда яшаш бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос деб, жондан ортиқ кўрган Ватанини, халқини вақтинча тарк қилишга мажбур бўлди. 1993–1994 йиллар давомида Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида истиқомат қилди. Аллоҳнинг ҳикмати, иродаси ила шоҳ асари бўлмиш «Тафсири Ҳилол»ни айнан Қуръони Карим нозил бўлган маконларда ёзишни давом эттирди. У киши ўз олдига катта режалар қўйди. Режа биринчи навбатда тафсирни ёзиб тугатиш; кейин ҳадиси шарифлар ҳақида китоб ёзиш, ундан сўнг эса ақийда ҳақида тўлиқ маълумотни қамраб оладиган китоб ёзиш, сўнг фиқҳ, хусусан, ҳанафий мазҳабининг фиқҳини мукаммал баён қиладиган қўлланма яратиш, тарих, тасаввуф ва бирин-кетин бошқа соҳаларда китоблар ёзиш эди. Аллоҳ нажот бериб, бу режа деярли амалга оширилди.
Муқаддас маконларнинг баракасидан меҳнатлари самарали бўлиб, «Тафсири Ҳилол» тўлиқ ёзиб тугатилиб, ўқувчиларга тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, «Тафсири Ҳилол»ни ёзиш давомида уни рус тилига таржима қилиш ҳам йўлга қўйилди.
Олий мақсад – тафсирнинг ёзилиши охирлаб қолгач, навбатдаги иш – ҳадиси шарифни халқимизга етказишга уриниш бошланди. Муаллифнинг ўзи «Ҳадис ва Ҳаёт» тўпламининг муқаддимасида таъкидлаганидек, аввало бу иш учун китоб танлаб олиб, китобни ёзишга киришди. Алҳамдулиллаҳ, бу иш ҳам муваффақиятли якунланиб, «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси халқимизнинг ҳадис илмини ўзлаштиришида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Кейинчалик шайх Муҳаммад Содиқ оиласи билан 1994 йилда Ливияга кўчиб ўтиб, 2001 йили она юрти Ўзбекистонга қайтгунга қадар илмий фаолиятини ўша ерда давом эттирди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги халқаро ташкилотларнинг аъзоси эди:
1. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси;
2. Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси;
3. Бутунжаҳон исломий халқ бошқарувининг бош котибияти;
4. Бутун дунё даъват уюшмаси;
5. Бутун жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси;
6. Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси;
7. Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси;
8. Бутун дунё масжидлар уюшмаси;
9. Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси.
Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерацияси каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган. Кўплаб давлатларда бўлган халқаро илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Ўзбекистонга қайтиб келгач, 2001–2015 йиллар мобайнида улкан диний-маърифий фаолият кўрсатди, юздан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, islom.uz порталидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан ўз юртида Ислом динининг ривожига, халқнинг диний савиясини оширишга салмоқли ҳисса қўшди.
Ҳар йили Рамазон ойида масжидларда туркум суҳбатлар уюштириб, муайян мавзу асосида илмий мавъизалар қилар эди. Бу туркум суҳбатларнинг овози ва тасвири ёзиб олиниб, миллий ва хорижий радиоканаллар ҳамда интернет орқали кенг жамоатчиликка тақдим қилинар эди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замон билан ҳамнафас равишда, давр талабига ҳозиржавоблик билан интернет тармоғида ҳам исломий маърифат тарқатиш, ахборот тармоқларининг ахборот уруши майдонига айланишининг олдини олиш мақсадида www.islom.uz веб-саҳифасини ташкил қилиб, ўзбекзабон интернет сарҳадларида юқорида зикр қилинган шиор остида кенг кўламли фаолият олиб борди. Ушбу веб-саҳифа бир неча йил ичида кенгайиб, исломий илмларнинг турли йўналишлари бўйича мустақил фаолият юритувчи 20 дан ортиқ сайтдан иборат улкан порталга айланди. Айниқса, порталнинг савол-жавоб хизмати туфайли жамиятдаги турли иллатлар, салбий ҳолатлар муолажа қилиб борилди. Ушбу онлайн хизмат нафақат Ўзбекистондан, балки дунёнинг турли чеккаларидан туриб интернетдан фойдаланувчи ватандошларимиз ҳамда барча ўзбекзабон мусулмонлар учун соф Ислом, тўғри ақийда таълимотларининг манбаига айланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг улкан илмий фаолияти, баракали меҳнати билан Марказий Осиёда илмий-маърифий уйғониш даврини бошлаб берди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У киши ўзининг ҳар бир асари биринчи саҳифасида бериладиган шиорига тўлиқ амал қилиб, Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Алломанинг асарлари бугунги кунда рус, қозоқ, уйғур, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинди ва қилинмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқ ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари имом-хатиблар ва толиби илмлардан иборат шогирдларига тафсир, ҳадис, ақийда, замонавий фиқҳий масалалар ва руҳий тарбия илмларидан таълим берардилар. Мазкур давраларда қуйидаги китоблар асосида дарслар олиб борилган:
• «Тафсиру Насафий»
• «Манор фи улумил Қуръон» (Муҳаммад Али Ҳасан)
• «Улумул Қуръон» (Манноъ Қаттон)
• «Саҳиҳи Бухорий»
• «Асарул ҳадисиш-шариф фии ихтилафил аиммал фуқаҳо» (Муҳаммад Аввома)
• «Мусталаҳул ҳадис» (Маҳмуд Тоҳҳан)
• «Шарҳу Ақоидин-Насафийя»
• «Шарҳу Ақоидит-Таҳовийя»
• «Усулул фиқҳ» (Ваҳба Зуҳайлий)
• «Қоваиду фиқҳийя» (Аҳмад Зарқо)
• «Закот» (Кувайт ҳайъати)
• «Қоваид фиқҳийя» (Алий Надавий)
• «Фароиз» (Собуний)
• «Ашбааҳ ван-назоир» (Ибн Нужайм)
• «Замонавий молиявий масалалар» (Муҳаммад Тақий Усмоний)
• «Фиқҳ муомалот молийя» (Рофиқ ал-Мисрий)
• «Муамолот молийя муъосира» (Ваҳба Зуҳайлий)
• «Ҳикамул Атоийя» (Ибн Атоуллоҳ Сакандарий)
• «Қоваидут тасаввуф» (Шайх Аҳмад Зарруқ)
• «Ҳақоиқ анит-тасаввуф» (Шайх Абдулқодир Ийсо)
• «Шариатул Ислам солиҳатун лит-татбийқ фи кулли заман ва макан» («Ислом шариатини барча замон ва маконларга татбиқ қилиш мумкин», Қаразовий)
• «Фиқҳул авлавийят» (Қаразовий)
Шайх Муҳаммад Содиқнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: «Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш», дер эдилар. Кун тартибларига келсак, қишин-ёзин саҳарлаб турардилар, таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдга ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар ва ўзлари ихтиёр қилган баъзи зикрлар бўларди. Кўпинча эрталаблари турли маросимларга таклиф қилинар, у ерда ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар қилар эдилар. Ҳар куни ўн саҳифа китоб таълиф қилишни ўзлари учун вазифа қилиб олган эдилар. Вазифаларини тугатмагунча бошқа ишга қўл урмас эдилар. Ҳатто сафарда ҳам, имкон топилди дегунча, ишларини давом эттирардилар.
Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони Каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарларни ўқир, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.
Postlar 0