Тизимга кириш


Ёки

Ro'yhatdan o'tish


yoki

Parolni tiklash

Аҳмад Муҳаммад Турсун
Аҳмад Муҳаммад Турсун Ёзувчи - 02 Iyun 2023

Ихтилофлар ечими – мўътадилликда!

img

Сиз балоғат ёшидасиз. Фитратингизга кўра мусулмонсиз. Эҳтимол, отангиз ёки онангиз ибодат қилишмас, намоз ўқишмас, рўза тутишмас?! Лекин сизнинг қалбингизга тоза бир эътиқод йўл топган. Аллоҳ таоло ҳидоятини сиздан дариғ тутмаган. Намозларни иложи борича масжидда, жамоат билан адо этишга ҳаракат қиласиз. Рамазон ойи рўзасини қолдирмай тутасиз. Исломнинг бошқа арконларини сидқидилдан бажарасиз. Иймонингиз бутун, ихлосингиз улуғ. Ҳар бир ишда, ҳар бир амалда Аллоҳ таолонинг ризосини топишга интиласиз. Сиз чин мусулмонсиз! Сиз бу билан фахрланишингиз, қувонишингиз керак. Сизни мусулмон этиб яратгани, ибодатларга қойим қилгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукроналар айтишингиз лозим!

Чунки дунё ҳаётида мусулмон бўлишдан, Аллоҳни танишдан, Унинг ризосига мушарраф бўлишдан ортиқ шараф, мартаба, мақом йўқ! Чунки сиз Аллоҳнинг Ўз ҳабиби, сўнгги набийи, суюмли расули Муҳаммад алайҳиссалом орқали нозил қилган Ҳақ динига, қиёматгача амалда бўладиган охирги динга эътиқод қилаётганингиз билан икки дунё саодатига эришган бахтли инсонлардан бирисиз! Сиз Ер юзини истиқомат тутган бир ярим миллиардли улкан Ислом жамоасининг ҳамма жиҳатдан тенг, ҳур, ажралмас бир аъзосисиз!

Аммо ҳозирги замонда дунёда содир бўлаётган кўпгина воқеа-ҳодисалар, тартиб-қоидалар барча мусулмонлар қатори сизга ҳам тушунарсиздай туюлади. Аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган хорижий ўлкаларда мусулмонлар ҳар қадамда камситилаётгани ҳам сизга таниш ҳол. Кўча-кўйда, ўқув юртларида, жамоат жойларида қизлар болдирларини, кўкракларини намойиш қилиб, ярим яланғоч юрса ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» демайди, лекин бир муслима қиз Аллоҳдан қўрқиб ўқишга, ишга рўмол ўраб келса, ҳамманинг бараварига дод-вой солиши, ваҳимага тушиши ҳам тушунарсиз. Гўшт харид қилиш учун дўкон ёки расталарни айланган мусулмоннинг исломий юртда қўй-мол гўшти билан бирга Аллоҳ ҳаром қилган чўчқа гўшти, хамр ҳам бемалол сотилаётганидан яна бир марта хуноби ошади.

Бу каби асабга тегадиган, нафрат қўзийдиган, жаҳлни чиқарадиган ҳолат-воқеаларга барча мамлакатлардаги мусулмонлар ҳаётда кўп марта тўқнаш келишади. Аҳолисининг асосий қисми мусулмон диёрларда нега уларнинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳар қадамда поймол этилаётгани сиз каби бошқаларга ҳам тушунарсиз. Масалан, минглаб номда газета-журнал чоп этилаётган ўлкаларда мусулмонлар ҳиссасига бир-иккитадан нашр тўғри келади, холос. Радио-телевидение эрта тонгдан ярим тунгача танаффуссиз ишлайдию, аммо мусулмонларга аталган эшиттириш-кўрсатувларга ҳафтада бир-икки марта вақт ажратилади, холос. Мусулмон юртда ўнлаб ғарблик миссионерлар турли ниқоб-баҳоналар билан бузуқ мазҳаб ва оқимларининг ақидасини бемалол ёшларга тарғиб қилиб, адабиётларини тарқатиб юрса мумкину, аммо бир мусулмон йигит биродарини, яқин қариндошини намоз ўқишга, исломий илмларни эгаллашга чақирса, «ақидапараст», «зўравон»га айланади. Ёнгинасида яшайдиган бир ароқхўрнинг ҳар қандай хурмача қилиғига маҳалладошлари кўз юмиб чидашадию, аммо бир мусулмон йигити билиб-билмай бирор хатога йўл қўйса кифоя, ҳамма қўлини бигиз қилиб, «бу киши яна намозхон эмишлар», дея уни айблашга тушади.

Булар ҳаётдаги майда-чуйда келишмовчиликлар. Дунё миқёсида олиб қарасангиз ҳам кўпгина ерларда мусулмонлар камситилаётгани, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани, иззат-нафси хўрланаётгани, туҳмат-иғволарга учраётганига шоҳид бўласиз. Ғарб сиёсатдонлари эса ҳар бир қулай фурсатдан Исломга қарши курашда фойдаланиб қолишга уринади.

Ошкоралик масаласида ҳам аҳвол бундан ўзгача эмас. Инглиз олими Тимоти Уинтернинг ёзишича, «Дэвид Креш ўзининг умумий меъёрларидан четга чиқувчи Тавротга оид хабарини... «Қиёмат ранчоси»дан эфирга узатиши мумкин. Аммо бирор бебош исломий гуруҳ Қоҳирада швед сайёҳларига бомба ҳужумини уюштирса, ўша пайтнинг ўзидаёқ бутун дунёга «жангари мусулмонлар» ҳақида гўнг сочилади» (юқоридаги асар, 272-бет).

Жаҳоннинг қаеридадир портлаш ёки қотиллик содир бўлса, мусулмонларнинг юраги пўкиллайдиган бўлиб қолган. Чунки шоввоз мухбирлар ҳали воқеа жойига етиб бормай, нима бўлганини англамай туриб, дарров «мусулмонларни, яъни Ислом жангарилари ва террорчилари»ни айблашга ўрганиб қолишган. Чунки ана шу фитналарни уюштираётган, бу билан Исломни, мусулмонларни дунёда ёмонотлиқ қилишни мўлжаллаган «акалари» воқеадан олдинроқ уларга етарли «кўрсатма»ни бериб улгуришган.

Мусулмонларга нисбатан олиб борилаётган бу камситиш, хўрлаш сиёсати ҳамма даврларда, барча мустамлакачилар томонидан бир лойиҳа, қолип асосида олиб борилган ва бориляпти. Далилларга мурожаат қилайлик: ўтган асрнинг ўрталарида фаранг мустамлакачилари Жазоирда бир миллион мусулмоннинг ёстиғини қуритди. Ҳатто араб мактабларида ўқувчиларнинг ўз она тилларида таълим олиши тақиқланган эди. Оран шаҳрида олти асрли тарихга эга бўлган ва ноёб обида ҳисобланган жомеъ масжиди темир йўл шоҳбекатига айлантирилди.

Совет тузуми пайтида Русиянинг ўзида 12 минг масжид ёпиб ташланди. Мусулмон республикаларида номигагина бир неча масжид омон қолди, қолганлари чўчқахонага, шароб корхоналари ёки омборларига айлантирилди. Диний китоблар батамом йўқотилди, руҳонийлар қамалди ёки таъқибга олинди. Бундай мисолларни хоҳлаган Ғарб давлатининг мусулмонларга нисбатан тутган йўли мисолида кўриш мумкин.

Масалан, Ўрта Осиёни истило қилиб турган рус ҳукмдорлари ҳам худди шундай фикрда бўлишган, худди шундай йўл тутишган. Туркистоннинг биринчи генерал губернатори фон Кауфман: «Мусулмон дини мавжудлигига тоқат қилинади, аммо унинг ривожи рағбатлантирилмайди. Ислом яшаб кетиши учун зарур шарт-шароитидан маҳрум бўлиб қоладиган вақт ҳам келади». («Турон тарихи» журнали, 1993 йил, 2-сон).

Яна шу золимнинг мана бундай дегани ҳам тарихда қолган: «Бу халққа (туркистонликларга) иложи борича, мумкин қадар кўпроқ пахта эктириш, уларни тинимсиз ишлашга мажбур этиш керак, токи бу халқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга, сиёсий воқеаларни англаб етишга бир зум ҳам вақти ва хоҳиши қолмасин» (Мажид Ҳасаний, «Юрт бўйнидаги қилич», Тошкент, 1997 йил).

Русия маориф намояндаси ва миссионери П. Ильинский эса бундай деган: «Русиядаги мусулмон халқларга бирорта ҳам ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ бермаслик керак». (Мажид Ҳасанийнинг юқоридаги китоби).

Ана шундай ноҳақлик ва адолатсизликлар ҳар қандай мусулмонни нафратлантиради, ғазабини қўзғайди, қалбида мухолифларига нисбатан ранж-алам пайдо қилади. Нафрат-аламлар, ҳақсизликлар олдидаги чорасизлик, иложсизлик, хўрлик бора-бора исёнга, радикал кайфиятларга, қасос олиш учун ҳаракатлар бошлашга олиб боради. Жамиятдаги бу норозилик меваларидан Ислом мухолифлари ҳам, дунёни бўлиб олиб бошқариш илинжида уйқуси қочган сармоядорлар ҳам, сиёсатда омади чопмаган ҳукмдорлар ҳам бараварига фойдаланиб қолишга интилишади.

Милодий йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб жаҳоннинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида салафийлик, ақидапарастлик, ваҳҳобийлик, ҳизбут-таҳрир, қўйингки, яна ўнлаб бошқа турфа номлар остида ҳали эътиқоди мустаҳкамланмаган, иймони заиф, дунёқараши шаклланмаган қанчалаб холис ёшларни чалғитишга уринишлар ҳам ана шу ҳаракатларнинг бир кўринишидир. Бунда бир ўқ билан бир неча нишонга урилади: аввал ана шундай «исломий ҳаракат»ларга ёшларнинг фаол қатламини жалб этишга кўз юмиб турилади. Кейин улар сони кўпайгач, «мамлакат хавфсизлигига раҳна солаётир» баҳонасида таъқиб қилиш, жисмонан маҳв этиш бошланади. Адашган ёшларнинг режалари, қилмишлари ҳақидаги ёлғон-яшиқлар атрофида катта-катта шов-шувлар ясаб, Ислом ва мусулмонлар омма кўзига ёвуз, уришқоқ, қонхўр сифатида кўрсатилади. 

Ғарб зўр бериб Исломга ёпиштираётган «ақидапараст, террорчи, жангари» деган ёрлиқларнинг динимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ислом ҳеч қачон зўравонликни, зулмни, ўзгалар жонига қасд қилишни оқламаган, бунга йўл ҳам бермаган. Аксинча, у ўз тарихида фақат тинчлик, осойишталик, раҳм-шафқат, инсонийлик, меҳр-оқибат дини сифатида ном чиқарган. Ғарб олимларидан бирининг ёзишича, «айни пайтда жаҳон жамоатчилиги Исломга нисбат бераётган инсон ҳуқуқларининг шармандали тарзда паймол қилиниши, ўзга дин ва миллат вакилларига нисбатан тоқатсизлик ва терроризм аслида бу динга дахли йўқ тўдаларнинг, мутаассибларнинг ва кўпинча худобехабар муртадларнинг ишидир. Анъанавий ва чин мусулмонлар ҳеч қачон терроризмга қўл урмаган». (Тимоти Уинтер, юқоридаги китоб, 306-бет).

Хўш, аҳвол шундай бўлгач, мусулмон ёшлар фаолликни бир четга йиғиштириб қўйиб, жимгина намозларини ўқиб, рўзаларини тутиб юришаверсинми? Жамиятда рўй бераётган ўзгаришлардан, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан бир четда туришсинми? Ижтимоий ҳаётга аралашиш, ундаги қусур-нуқсонларни йўқотишга бефарқ бўлишсинми?

Йўқ, асло! Ислом – фаоллик дини. У беғамликни, ҳафсаласизликни, жамият ҳаётидан четда туришни, фаолиятсизликни, танбалликни, фикрий лоқайдликни қаттиққоралайди. Мусулмонларни ўз диний ақидаси, эътиқоди, иймони, шаъни-эркига бўладиган ҳар қандай тажовузларга муросасиз бўлишга чақиради.

Унда ҳозирги ёшлар қандай йўл тутишлари зарур? Энг аввало, улардан ақидада маҳкам бўлиш талаб этилади. Машҳур шоиримиз Сўфи Оллоҳёр «Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур», деб бежизга ёзмаган. Мусулмонлик даъво қилсак, мўминмиз, деб кўкракка урсак, аммо иймонимиз заиф бўлса, ақидамиз пойдевори бўш заминга, қийшиққилиб қурилса, ғанимларимиз қалбимизни осонгина забт этиб, ҳидоят йўлидан, Ҳақ йўлдан қийналмай адаштириб юборади.

Исломни китоб ўқиш билангина танимоқчи бўлганлар адашишга маҳкумдирлар. Силсилага мансуб бир устоз кўрмай, ўзларича бир неча ҳадисни ёдлаб олгач «улуғ донишманд» даражасига кўтарилиб олганларнинг айниқса ҳақ йўлдан адашиб, залолат ва куфр йўлига кириб кетишлари (наузанбиллаҳ!) осонроқ бўлиб қолади.

Аллакимларнинг найранггига учиб, уларнинг ақидасига кириб қолган, ҳақ нима, ақида нима – ажратиб олганидан кейин изтироб ва надоматлардан қийналган ёшларни кўрдик. Дунё ҳаётидаги тансиқ йилларини хатолар гирдобида ғарққилиб юбормасликлари учун ёшларга қарата Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг», деган кўрсатмаларини эслатиб қўйиш жоиз. Расулуллоҳдан (а.с.) буён давом этиб келаётган олимлар силсиласини устоз қилиб олганлар асло адашишмайди. Бу Аҳли сунна вал жамоа тузиб чиққан ва асраб-авайлаб келаётган ақида, эътиқод ва шариат йўлидир.

Ҳазрати Абу Ҳанифадан: «Кимлар Аҳли суннага мансуб?» деб сўрашганида, «Икки Шайхни тан олган, икки куёвни тан олган ва маҳсисига масҳ тортган Аҳли суннадир», деган эканлар. Билишса, икки шайх Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб, икки куёв эса Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб эканлар. Бундан келиб чиқадики, ким динида мўътадил ўрта йўлни олиб бораман деса, Исломнинг тўғри йўлдаги тўрт халифаси тан олиб, улар ишини ва йўлини давом эттириши ҳамда шариат ҳукмларини оғишмай бажариши лозим экан.

Турли тафриқаларга бўлиниш, ҳақ йўлда адашишларнинг яна бир йўли суннатни тарк этиш, мазҳабсизлик ҳамда мутаассиблик балосидир. Ислом қонунларини бузиб қўйишдан тақво қилган ўтмишдаги буюк алломаларнинг тўқсон тўққиз фоизи мазҳабга содиқ бўлган. Ҳатто ихтилоф авжга минган ўн тўртинчи асрда чиққан Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби бошқача фикрлилар ҳам чаласавод мусулмонларга фақиҳлар ёрдамисиз ижтиҳодга қўл уришни тавсия этишмаган.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга шундай хитоб қилади: «Динларини бўлиб, фирқа-фирқа қилиб олган кимсалардан (бўлмангиз)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум, 32).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Мана бу уммат яқинда етмиш уч фирқага ажралади. Етмиш иккитаси дўзахда ва биттаси жаннатдадир». «Эй Расулуллоҳ, бу биттаси кимлар?» деб сўрашди. «Аҳли сунна вал жамоа», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

«Суннийлик соф диний майдонда мусулмонлик тарихининг тўқсон фоиз вақти мобайнида тўқсон фоиз умматни бирлаштира олди. Ғарб тадқиқотчиларининг фикрича, суннийлик мазҳаби вакиллари динга нисбатан деярли ўзгармаган ҳурматни ва ўзаро биродарликни сақлаб қола билди. Бошқалар учун мана шундай мушкул кечган узоқ давр мабайнида на улкан диний урушлар, на қўзғолонлар ва на таъқиблар уларни бўлиб юбора олмагани ҳайратланарлидир» (Тимоти Уинтер, юқоридаги китоб, 935-бет).

Ҳазрат Пайғамбаримизнинг умматлари етмиш уч фирқага бўлинди. Етмиш икки фирқа залолатда қолиб ҳалок бўлди. Фақатгина тўртта фиқҳий мазҳаб (Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий)ни бирлаштирган «Аҳли сунна вал жамоа» мазҳаби саломатда қолиб, нажот топган. Ҳозир ер юзидаги жами мусулмонларнинг 92,5 фоизи ана шу ҳақ йўлдаги мазҳабда турибди. Аҳли суннат жамоатидан заррача айрилган киши исломиятдан узоқлашган бўлади.

Демак, бугунги ёшларимиз дин душманларининг ҳийла-найрангларига учмай, қалбларига эгалик қилиш илинжида турли тузоқ-қопқонлар қўяётган мухолифларнинг фитнасига илинмай дейишса, Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутишади. Янги замоннинг маккор ва муғомбир қалб ўғрилари домига тушмаслик учун Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидан чекинишмайди. Чунки дунё мусулмонларининг салкам тўқсон уч фоизи адашиши, залолатга кетиши, ҳидоят йўлидан чекиниши асло мумкин эмас!

Бугунги кунда мусулмон ёшларни қийнаётган яна бир қанча ижтимоий муаммолар бор. Шулардан бири жамиятдаги диндор ва даҳрий қатламлар ўртасида ошкора-пинҳона ихтилофлардир. Бу ихтилофларнинг келиб чиқишида эса ҳар икки томоннинг ҳам айрича «айб»лари бор.

Тўқсонинчи йилларнинг бошида юрт мустақил бўлиб, диний эркинликлар берилгач, узоқ йиллик мудҳиш қатағондан сўнг кўксига шамол теккан мусулмонларнинг ва ўтмишда даҳрийлик нонини еб катта бўлганларнинг ҳолатлари ҳамон кўз ўнгимизда. Масжидларни тўлдирган ёшлар бенамозлар вафот этса уларга жаноза ўқимаслик, улар билан алоқа қилмаслик шиорини ўртага ташлашган, ароқ ичувчи, қимор ўйновчилар ва бошқа жиноятчилар душман деб эълон қилинган, енги калта кўйлак кийган аёллар беҳаёликда, бузуқликда айбланган, ҳайкал ва расмлар бут сифатида йўққилинган пайтлар эди. Бир томонда мустамлакачилар томонидан динсизлик руҳида тарбияланган бир авлод эса масжидларга оқиб бораётган ёшларни, китоб расталарини тўлдирган диний адабиётларни, масжидлардан баралла янграётган азон товушларини, ҳаж сафарини ташкил этган ҳукуматнинг махсус учоқларда минглаб кишиларни олис Маккага юбораётганини кўриб ғазаблари ошган даврлар эди. Ана шундай пайдо бўлган ихтилоф-келишмовчиликлар вақт ўтгани сайин кучайса-кучайдики, пасаймади. 

Бугунги кунда жамиятда одамлар диндорлигига қараб уч тоифага бўлинади:
Биринчиси – Аллоҳ ва Унинг расулига иймон келтирган, Ислом дини арконларини, илоҳий амр-фармонларини мунтазам бажараётган, турмуш тарзини шариат талаблари асосига қурган мўмин-мусулмонлардир.
Иккинчиси – тилда мусулмонлигини изҳор қилиб, Аллоҳнинг барҳақлигини тан олса-да, Унинг амр-фармонларини бажармайдиган, ибодатларни адо этмайдиган, ҳалол-ҳаромни ажратмайдиган кишилардир.
Учинчиси эса – Аллоҳ ва Унинг расулига иймон келтирмаган, динни ва руҳий оламни инкор этадиган, фақат моддиятга асосланган илм ва назарияларга бўйсунадиган даҳрий, худосиз кимсалардир. Ана шу уч томон ўртасидаги ихтилофли кураш уларнинг ўзларига асло фойда келтирмайди, балки Ислом душманларигаю, ўзларининг босқинчилик сиёсатларини ўтказишга асосий тўғаноқ бўлиб майдонга чиқаётган исломий тоифаларнинг танобини тортиб қўйишни орзу қилаётган мустамлакачиларга ва дунёда Ислом динининг ғолибона юришидан ваҳимага тушаётган Ғарб оламига ҳам бирдай қўл келиши мумкин.

Жамиятдаги ихтилофларнинг асосий сабаби анча олдинроққа – милодий 1917 йили советлар «доҳий»и Ленин бошчилигида қилинган Ўктабр тўнтаришига бориб тақалади. У ҳокимиятни қўлга олибоқ, динларга қарши кескин жанг бошлади. «Черковни давлатдан ва мактабни черковдан ажратиш ҳақида»ги машъум декретини имзолади. Мустамлакачилар аҳолисининг мутлоқ кўпчилиги мусулмон бўлган ўлкаларда мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар қадамда бузилди, уларнинг арз-додлари, шикоятлари, талаб-истаклари масжид деворлари ичида қолиб кетди, мамлакат қонунларида ҳақ-ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилганига қарамай, аслида жамиятнинг энг ҳақсиз, ҳуқуқсиз қатлами бўлиб қолди, ишга ёки ўқишга қабул қилиш, мансабида кўтариш, тақдирлаш, давлат ҳокимияти органларига сайланиш каби ишларда пинҳона чеклов ва камситишлар жорий қилинди. Айниқса диний арбоблар, масжид имомлари, мударрисларга қарши аёвсиз кураш олиб борилди, улар жисман ва маънан таъқиб қилинди. 

Ваҳоланки, аввалда қишлоқ ёки шаҳарда имомнинг обрўси, таъсири катта бўлган. Намозхонлар ҳам, маҳалладаги бошқа кишилар ҳам унга ҳамма масалаларда мурожаат қилишган, дарду ҳасратларини айтишган. Бир тадқиқотчи ёзганидай, одамлар улов сотиб олишдан тортиб, ўғлини уйлантириш, қизини узатиш, эски самоворини ямаш каби барча масалаларда имом билан маслаҳатлашган (Я. Ковалев, «О магометанских муллах», Казан, 1907, 15-23 стр.). У қишлоқ, маҳаллада энг обрўли, ҳурматли, улуғ киши бўлган. У диний эҳтиёжларни қондирибгина қолмай, ҳамюртларининг ҳамма саволларига жавоб бера олган, ҳамма воқеалардан, қавмнинг барча аъзолари, уларнинг оилавий муаммоларидан яхши хабардор бўлган.

Имомдан ҳамма бараварига қўрққан: у болаларига зулм ўтказган катталарни тергаган, бебош ёшларни одобга чақирган, ахлоқсизларга танбеҳ берган. Имом бир пайтнинг ўзида ахлоқ ҳимоячиси, қози, терговчи, дин арбоби бўлган. Бугунги кунда ахлоқсиз ёшларни тарбияга чақириш, уришган эр-хотинларни яраштириш, маҳалладаги кишилар ўртасини ислоҳ қилиш, ичкиликбозлик, ўғрилик, гиёҳвандлик, бузуқликларни таг-томири билан тугатишда маҳалла фуқаролар йиғинлари, милитсия, посбонлар, фаолларнинг катта ўрдуси ҳам қийналиб қолаётган бир пайтда имомларнинг салоҳияти, обрўси ва таъсир кучини ошириш ҳамон долзарб бўлиб қолаверади.

Замонамиз мусулмонлари қаршисида яна бир хатар борки, бу диний жаҳолатпарастлик туғиб вояга етказган мутаассибликдир. Дин асосларидан бехабар жоҳил ва нодон кимсалар «бидъатга ўт очиш, Исломга янгилик киритишдан қочиш» баҳонасида асрлар бўйи илм-фан ривожига, ҳар қандай янгилик ва кашфиётга қаршилик қилиб келишди. Масалан, ўн саккизинчи асрга қадар матбаачилик, китоб чоп этишни ҳаром иш, дея баҳолаб келинган. Китобларни осон йўл билан кўпайтириш Ислом таълимотининг аҳамиятини пасайтиради, деб ҳисоблашган. Исломни қабул қилган можористонлик Иброҳим Мутафарриқа 1720 йили Истанбулда Ислом оламидаги илк матбаа дастгоҳини ишга солиб, бу борадаги қарашларни ўзгартира олди.

Наманганлик машҳур маърифатпарвар олим, Наманганда илк босмахона очган Исҳоқхон Ибрат ҳам мусулмонлар жоҳиллик ва мутаассиблик туфайли дунё тараққиётидан, фан-техника ютуқларидан орқада қолишаётгани ҳақида «Мезон ул-замон» асарида шундай куюниб ёзади: «Ҳар бир давр-замонда янги-янги нарсалар пайдо бўлади, кашф этилади. Мусулмонлар уларни дин ва замона тарозусида тортиб қабул қилишлари, кераклисидан ўз манфаатлари йўлида бемалол фойдаланишлари керак... Аммо айрим нодон ва жоҳил кимсалар, мутаассиб дин ходимлари ана шу қулайликларни Аллоҳ бандалари учун яратиб қўйганини инкор этиб, уларни ҳаром ёки макруҳ, деб эълон қиладилар ва мусулмонлар орасига низо солиб, уларни тафриқа (бўлиниш)га олиб борадилар... Ўрта Осиёда пайдо бўлган поезд, пароход, машина, тилғироф каби одамлар учун зарур ва фойдали нарсаларни Аллоҳ таоло бандаларига ато этиб турсаю, бизлар жоҳиллигимизга бориб, бу неъматлардан фойдаланишдан бош тортиб турсак, яхши бўладими?.. Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар яхши бўлмасмикин?..» (Исҳоқхон Жунайдуллохожа ўғли Ибрат, «Мезон уз-замон», Наманган, «Исҳоқия», 1912 йил, 36-бет.)

Ибратнинг бу ташвишлари ва куюнишлари Ўктабр тўнтаришидан кейин диний-маърифий ислоҳот бошламоқчи бўлган Фитрат, Абдулла Қодирий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби илғор фикрли намояндаларнинг қарашларига ҳамоҳангдир. Динга жоҳилона муносабатда бўлиш, мутаассиблик бугунги кунимизда ҳам батамом йўқолмаган. Ҳар бир янгиликни, ҳар бир кашфиётни сўраб-суриштирмай, ҳаром ёки макруҳга чиқариш иллати бугунги айрим дин ходимларига ҳам хослигича қоляпти. Уларнинг иддаоларига қулоқ солсангиз, бутун дунё мусулмонлари ишлатаётган, жумҳур уламолар фойдали деб топган компутор, интернет ва бошқа телекоммуникатсия воситаларини қўллаш мусулмонга мумкин эмас эмиш. Уларнинг фикрича, дунёвий билимларни эгаллаш, хорижий ўлкаларда таҳсил олиш, ҳатто ўзбек тилидаги диний адабиётлар нашрини кўпайтириш ҳам яхши эмас. Чунки хорижда ўқиганларнинг эътиқоди бузилиб кетармиш. Мусулмонга кибернетика, математика, фалакшунослик, биология, физика каби илмлар шарт эмасмиш. Она тилида диний адабиётлар кўпайса, оддий халқ ўқиб олиб, чалғиб кетармиш ёки имомларга саволларни кўпайтириб юборар эмиш. Бундан ҳам ортиқ маҳдудлик, мутаассиблик бўладими?

Шу жойда атоқли маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахриддин асаридан иқтибос келтириш ўринлидир: «Султон Маҳмуд аскарларга янги қоида ишлаб чиқишга ва замонга мувофиқ кийинишга, бошқа давлатларга ўхшаб ҳарбий таълим беришга киришган вақтда Истанбул уламолари бу ислоҳотга дин номидан қарши турдилар... Лекин Султон Маҳмуд динни яхши билганидан ва ҳар бир салла ўраган «олим»нинг ҳайбаракалласига учиб кетавермаганидан ўз сўзининг устидан чиқди, «амри маъруф» ва «наҳий мункар» учун йиғилган Истанбул кўчаларидаги мутаассибларга замбаракнинг оғзини тўғрилаб қўйди... Энг аввало ўзларини дин йўлида қурбон қилишга чоғланган зотлар жуфтакни ростлаб қолдилар.

Бундан олдин Султон Маҳмуд Истанбулда расадхона (обсерватория) бино қилишга киришганида Истанбул уламолари «Расадхоналар барпо қилиш ва ҳикматга (физика, фалакшунослик, риёзиёт ва бошқалар) доир асарларни ўқиш ман қилинади», деб дин номидан фатво беришган. Шу сабабдан Истанбулда бутун дарс «Ҳидоя» билан «Иноя»дан иборат бўлиб қолган эди...

Бу кунларда Бухоро шаҳрининг уламолари янги усул билан болаларга «алифбо» ўқитишни ман қилдилар, шундай мактабларни дин номидан бекитдилар. Кўкраклари, сонлари очиқ ўрус қизларнинг театрларда, сиркларда ўйнашларини мақтаб, таҳсинлар айтиб, сўлакларини оқизишиб томоша қилиб ўтиришда, Ислом вақфларини сотиб еб, рибо билан муомала қилишда ўзлари учун динда монеълик топмаган бу муборак зотлар болаларга енгиллик билан ўқиш-ёзишни ўргатадиган бу мактабларнинг очилишида қандай монеълик топишди экан?!» (Ризоуддин ибн Фахриддин, «Жавомеъул-калим», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2004 йил, 95-бет.)

Замонамизнинг машҳур Ислом олимларидан шайх Юсуф Қарзовий ҳамма нарсани тақиқлашни яхши кўрадиган ва жуда эҳтиёткорлик билан ёндошиш керак бўлган «ҳаром» сўзини суиистеъмол қилувчи дин олимларини кескин танқид қилади: «Бундай кишилар «ҳаром» сўзини кўпинча мутлақо сабабсиз тилга оладилар. Улар наздида телевидение, кино, фотография, аксионерлик жамиятлари, хуллас, ҳамма нарса ҳаром. Умуман, уларнинг бутун ҳаёти ҳаром устига ҳаромдан иборат. Ахир Қуръони карим шундай буюради: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара, 185). Юсуф Қарзовий мусулмон арбобларини ҳамиша замон билан баравар қадам ташлашга чақиради.

Аммо бу – мусулмонлар ҳалол-ҳаромни суриштирмай, дуч келган нарсани истеъмол қилаверишсин, дегани эмас. Айниқса, Ислом душманлари мусулмонларга ҳамма томондан зарба беришга уринаётган ҳозирги пайтда уларнинг халқумини, емагини ҳаром нарсалар билан булғаш режасидан ҳам воз кечмаган. Яна халқумини поклашда, ҳалол-ҳаромни фарқлашда юксак тақво кўрсатаётган диндош биродарларимиздан ўпкаланишга ҳеч қандай асос йўқ. Чунки мўминларнинг энг афзали тақводорларидир. Ҳазрат Умар: «Ҳаромдан қўрқиб шубҳали нарсаларнинг ўнтадан тўққизтасини тарк этар эдик», деганлар.

Ҳамма гап ўрта йўлни ушлашда, мутаассиблик, қотиб қолганлик каби қусурларни йўқотишда! Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: «Ислом дини енгил бир диндир... Дин ишларида ифроту тафритга (ҳаддан ошишу сусткашлик қилишга) берилмасдан, ўртача бир адл йўлни ихтиёр этинглар, комил ибодат қила олмасанглар, шунга яқинроқ равишда ибодат этишга ҳаракат қилинглар» (Имом Муслим, «Саҳиҳ», I жуз).

Бизда эса ҳамма нарсанинг ё у томони, ё бу томони ушлаб олинади. Масалан, масжидларга замонавий кийимларда ёки бошяланг кириб қолган ёшларни олиб кўрайлик. Атрофдаги пешонаси сажда кўрмаган минглаб «мусулмон»лар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Аммо ана шундай намозхон йигитларга танбеҳ бериш, ўқрайиб қарашлар ҳар қадамда учраб турибди. Ҳатто имомларимиз ўртасида замонавий билимлардан мутлақо бехабар, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан қизиқмайдиган, ўз устида ишламайдиган кишилар бор, десак, балки ишонмассиз. Ваҳоланки, Ислом илм-маърифат дини, мусулмон мамлакатлардаги диний арбоблар замонавий илм соҳасида ҳар қандай профессорлар билан бемалол беллаша олишади. Масалан, миср муфтийи доктор Али Жамаъа ҳам илоҳиёт, ҳам техника фанлари докторидир.

Бугунги кунда Ислом давлатларида яшайдиган мусулмонлар аксарият ҳолларда ўткинчи сиёсий масалаларга маҳлиё бўлиб, ҳаёт-мамотга, Ислом асосларига ва ақидасига дахлдор улкан тамойилларни ўжарларча назар-писанд қилишяпти. Ваҳоланки, уларнинг олдида турган ўша сиёсий масалалар эрта-индин ҳеч нарсага арзимай қолади. Шу ўринда англиялик профессор Тимоти Уинтернинг «XXI асрда Ислом» китобидан бир иқтибос келтириб ўтиш зарурга ўхшайди: «Агар биз дунёда нега бу қадар кўп исломий ҳаракатлар барбод бўлаётгани сабабини англаб етмоқчи бўлсак, ишни, эҳтимол, уларнинг раҳбарлари исломий бошқарувдаги тўсиқларни муваффақиятли енгиб ўтишнинг асосий шарти бўлган янги дунёни ақлий билиш қобилиятига эга эмаслигини тан олишдан бошлашимизга тўғри келади. Замонавий мафкуралар нима эканини билмайдиган бугунги ашаддий мусулмонлар аслида уларни енгиш тўғрисида хомхаёл қилишдан нарига ўтмайдилар» (11-бет).
Бу фикрлар нақадар бадхўр ва ёқимсиз бўлмасин, ҳақиқий аҳволни тўла ифодалайдиган аччиқ ҳақиқатдир...

Муаллиф Аҳмад Муҳаммад